Болалар гематологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади
Президент “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра 2022 йил 1 майдан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.
Шунингдек қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:
– Нукус шаҳрида “Болалар тиббиёт кластери”;
– 46 та туманлараро янги перинатал марказларда чақалоқлар реанимацияси бўлими;
– 2022 йил 1 майдан туман (шаҳар) марказий поликлиникалари, Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаларида болалар бўлими;
– туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз ишловчи педиатрия постлари;
– Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, орфан касалликларга барвақт ташхис қўйиш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораториялари.
Шунингдек, Республика ва ҳудудий перинатал марказлар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022–2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолияти йўлга қўйилади.
Чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлаш учун аудиоскрининг тадбирлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва барча туғуруқ комплексларида татбиқ этилади.
Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 2022 йил 1 июлдан “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600 та, 2023 йил 1 январдан яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Шарҳлар