Мактабда қизлар жанжаллашиши оқибатида ота-оналар жавобгарликка тортилди
Болалар омбудсманига 2010 йилда туғилган, Бўстонлиқ туманида яшовчи Э.О. (қиз бола) мурожаат қилиб, унда мактабда синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётганлиги, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканлигини билдирган.
«Болалар омбудсмани сўрови асосида Бўстонлиқ тумани ММТ бўлими ўрганиши давомида жорий йилнинг 18-март куни информатика дарсида қизлар Э.О, С.М., М.К., К.В. ўзаро гап талашиб қолишгани, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони хал қилишни келишиб, дарс тугаганидан кейин мактаб синф хонасида йиғилиб ўзаро жанжаллашгани ва 3 нафар қиз биргаликда Э.О. ни уришгани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситишгани маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Бўстонлиқ тумани, “Марказий” МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.В. га суд тиббиёт экспертизаси тайинланган ва уларнинг енгил тан жароҳати олганликлари аниқланган.
Мазкур буллинг ҳолати юзасидан К.В., С.М., М.К. ларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1- қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилган. Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилди.
Шарҳлар