Болалар омбудсмани эрта никоҳ ва унаштирув маросимлари бўйича ўрганиш ўтказди

Фото: Болалар Омбудсмани

22 ва 23-декабрь кунлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимларини ўтказилиши каби салбий ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманларида ўрганишлар ўтказди. Бу ҳақда матбуот хизмати хабар беряпти.

«У иштирокида ўтказилган йиғилишларда бугунги долзарб ва оғриқли масала – эрта никоҳ ҳолатларини олдини олиш ва бу борада масъуллар олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Шунингдек, Болалар омбудсмани шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган вояга етмаган қизларнинг турмушга берилгани ҳақидаги хабарларни ҳам ўрганди. Ҳолатлар таҳлил қилинди. Ташкил қилинган учрашувларда фарзандларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар ҳам чақиртирилиб, уларга эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тушунтирилди», – дейилади хабарда.

Бу ҳолатларга йўл қўйган ота-оналар Маъмурий ва Жиноят кодекслари билан белгиланган жавобгарликка тортилиши эслатилган.

Болалар омбудсмани унаштирув маросими ўтказилган деб ижтимоий тармоқларда хабар тарқаган ҳар бир қиз билан учрашиб, улар билан алоҳида холи суҳбат ўтказган. Шунингдек, туманларда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилди. Бугун, 23-декабрь кунининг ўзида туман ҳокимияти билан биргаликда Косон туманидаги бир оила 17 ёшли қизини тўйи белгинганлиги аниқланиб, тўй ва унга боғлиқ барча маросимлар тўхтатилган. ФҲДЁ томонидан қайд этилган никоҳ гувоҳномаси бўлмай шаръий никох ўқиган диний вакил жавобгарликка тортилиши чоралари кўрилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этади дейилган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.