Болалар Омбудсмани жинсий эксплуатация қилинган 14 ёшли қиз билан учрашди
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 7 ой давомида жинсий эксплуатация қилинган 14 ёшли қиз билан учрашди, деб хабар бермоқда матбуот хизмати.
Қайд этилишича, учрашув давомида қизга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак, таълим шарт-шароитлари ҳамда эмоционал-психологик ёрдам ҳолати ўрганилган. Болалар омбудсманига кўра, қизнинг ҳозирда аҳволи анча яхшиланиб, барқарорлашган, психолог томонидан унга мунтазам кўмак кўрсатилмоқда, педагоглар жалб қилинган ҳолда болага мактаб дастуридаги асосий фанлардан дарслар ўтилмоқда.
«Ч.Т. инглиз тили ва компьютер саводхонлигига катта иштиёқ кўрсатяпти, тасвирий санъатга эса алоҳида қобилияти бор. Самимий суҳбатимиз давомида қизча келгусидаги режалари билан бўлишди, энг асосий мақсади таълим олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилишини билдирди», – дейилади хабарда.
Сурайё Раҳмонова бундай жиноят қурбони бўлган боланинг ҳар томонлама реабилитацияси, ўз тенгдошлари доирасида нормал ижтимоийлашуви ва, энг муҳими, таълим олиш имкониятлари таъминланиши устидан кузатувини давом эттиришини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, қиз 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрга қадар Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А. (аёл)нинг уйида зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган.
У Китоб туманида яшовчи отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида бўлган, онаси Х.С. 2023 йил январь ойида Россияга ишлаш учун кетган.
Ҳолат юзасидан фуқаро Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ, болалар Омбудсмани Қашқадарё вилоятида эрта никоҳ ва унаштирув бўйича ҳолатларини ўрганаётгани ҳақида ёзгандик.
Шарҳлар