Болаларга мактабга тайёрлов гуруҳларини битирганлик ҳақидаги электрон сертификатлар берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унга кўра:
2026-2027-ўқув йилидан бошлаб:
мактабга тайёрлов гуруҳларини битирган болаларга уларнинг ривожланиш харитаси асосида бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик ҳақида электрон сертификат бериш тартиби йўлга қўйилади.
2025-йил 1 августга қадар:
мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро узвийлиги ва мувофиқлиги таъминланади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади;
барча туман (шаҳар)ларда камида биттадан таянч мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади;
таянч мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарларидан малакали тренерлар гуруҳи шакллантирилади;
тренер сифатида фаолият юритаётган директор ўринбосарларига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
2025 йил 1 мартдан бошлаб:
тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматлари (4 та аудитория кўринишидаги автобуслар негизида) жорий этилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
тажриба-синов тариқасида ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳлари очилади.
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб:
давлат олий таълим ташкилотларида мактабгача таълим йўналиши бўйича дуал таълим шакли жорий этилади;
давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда мактабгача таълим йўналишининг сиртқи ва кечки таълим шакли бўйича ҳар йили камида 200 та мақсадли қабул квоталари ажратилади ва уларга мактабгача таълим йўналишида камида беш йил иш стажига эга педагог кадрлар табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
2024 йил 1 октабрдан бошлаб:
жисмоний шахс бир пайтнинг ўзида бир нечта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида меҳнат фаолиятини юритаётган бўлса, ижтимоий солиқ суммаси унинг битта (асосий) иш жойи бўйича тўлаш амалиёти жорий этилади;
2025 йил 1 январдан бошлаб:
қамров даражаси паст бўлган давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилади.
Шунингдек, ушбу Фармон асосида:
Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси маблағлари ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрлари ҳам рағбатлантирилади;
давлат олий таълим муассасаларига уларнинг бўш турган ер участкаларида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади.
Шарҳлар