Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил қилинмоқда

Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил қилинмоқда. Ўзбекистон президенти тегишли қарорни имзолади, деб ёзади «Норма» нашри.

Қуйидагилар жамғарманинг вазифалари этиб белгиланди:

  • оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш;
  • болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;
  • эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
  • оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш.

Фонд барча турдаги солиқлардан озод этилади (ижтимоий солиқ бундан мустасно). Фондга хайрия қилинган маблағлар солиқ базасини белгилашда ҳисобдан чиқариладиган харажатларга киради.

2024 йил 1 январга қадар даволанишга муҳтож бўлган болалар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Болалар жамоат фонди томонидан олиб келинадиган дори воситалари, тиббиёт ускуналари ва протезлаш воситалари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.