Қорақалпоғистонда маст эркак мактабга болта кўтариб келган
4 март куни соат 15:40ларда Қорақалпоғистон Республикаси Тахтaкўпир туманида жойлашган 4-сонли мактабда, янги жорий қилинган тизимда хизмат ўтаётган Миллий гвардиянинг қоровул ходими томонидан мактабга маст ҳолда қўлида болта билан келган фуқаро тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Kar24.uz телеграм канали.
Хабарга кўра, “ушбу фуқаро мактабнинг кириш жойида хизмат ўтаётган қоровул ходимининг бегоналарни мактаб ичкарисига киритмаслиги тўғрисидаги огоҳлантиришига ва талабларига бўйсинмасдан, курткаси ичидан болта чиқариб жанжал кўтарган. Қоровул “ташвиш” хабари асосида туман қўриқлаш ходимларини чақирган ва жанжал чиқаргван шахс қўлга олинган”.
Олиб борилган дастлабки ўрганишлар давомида ушбу фуқаро, Тахтакўпир туманида яшовчи 45 ёшли фуқаро С.D. эканлиги, мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи Р.Б.ни кўришга келгани ва гаплашиб кетмоқчи эканлигини, қўлидаги болтани эса ўтин чопиш олдидан ўткирлатишга олиб чиққанлигини маълум қилган.
“Фуқаро С.D. тезкор гуруҳ ходимлари томонидан туман Тиббиёт бўлимига олиб борилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги бўйича маълумоти олингандан сўнг, туман ИИБ профилактика инспектори билан бирга тегишли хужжатлар расмийлаштирилган ҳолда, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мастлик ҳолати бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига ётқизилди”,- дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тахтакўпир тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Улашиш:
Шарҳлар