,

Борис Жонсон Украина бўйича тинчлик музокараларининг бузилишига алоқаси йўқлигини билдирди

Фото: Getty Images

Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон Украина ва Россия ўртасидаги 2022 йил баҳоридаги тинчлик музокараларини бузгани ҳақидаги даъволарни “сафсата ва Россия пропагандаси” деб атади. У бу ҳақда The Times нашрига берган интервьюсида шундай деди.

Жонсоннинг айтишича, Киев билан Москва ўртасидаги Истанбулдаги тинчлик музокараларидан сўнг Владимир Зеленский билан суҳбат чоғида у “ҳар қандай потенциал келишув табиатидан ташвишланган” эди ва Британия Украинани “юз фоиз қўллаб-қувватлашини” ваъда қилганини айтган.

Жонсон тинчлик битимини бузгани ҳақидаги даъволар Украина парламенти “Слуга народа” фракцияси етакчиси ва Россия билан музокаралардаги Украина вакили Давид Арахамиянинг 2023 йил ноябрь ойидаги баёнотидан кейин пайдо бўлган эди. «1+1» телеканалига берган интервьюсида Арахамия 2022 йилда Москва билан музокараларни тўхтатиш сабабларига тўхталар экан, жумладан шундай деганди:

«Истанбулдан қайтганимиздан сўнг Борис Жонсон Киевга келди ва биз улар билан ҳеч нимани имзоламаймиз, деди. Арахамиянинг айтишича, у : “Келинглар, шунчаки урушамиз” – дея қўшимча қилган.

Арахамия шунингдек, Киев келишув Россия армиясига куч йиғиб, сўнгра яна ҳаракатни давом эттириш имкониятини берувчи алдов деб ҳисоблаб, уни имзоламаганлигини баён қилди. Аммо рус шарҳловчилар Арахамиянинг Жонсон ҳақидаги гапларини ғарб шерикларининг босими остида Киев музокаралардан воз кечгани борасидаги пропагандистик назариясини тасдиқлаш деб баҳолади.

Хусусан, Россия ТИВ вакили Мария Захарова Жонсон Киевга Россия билан тинчлик битимини имзолашни “тақиқлаганини” айтиб, унинг “оддийгина уруш қилиш” ҳақидаги баёноти “Киев томонидан музокара жараёнини бузиш учун баҳона сифатида” Бучадаги воқеалар” (Россия ҳукумати рус аскарларининг фуқароларни ноқонуний ўлдириши ҳақидаги хабарларни шундай деб атайди – изоҳ) “саҳналаштирилганини” даъво қилган эди.

The Times билан суҳбатда Арахамия Россия унинг сўзларини атайин бузиб талқин қилганини ва ўз версиясини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланганини таъкидлайди. Унинг айтишича, ҳеч қайси ғарб расмий шахслари “на ўшанда, на ҳозир” Зеленскийга “буйруқ беролмаган”. Арахамиянинг айтишича, Жонсоннинг “оддийгина уруш қилиш керак” деган гапи Россия босқинига қарши курашиш ҳақидаги маслаҳатлар доирасида айтилган.

Россия ва Украина кенг кўламли уруш бошида тинчлик музокараларини олиб борган эди. Бир нечта музокаралар раунди Беларусь ва Туркияда бўлиб ўтган. Рус қўшинлари Киевдан чекингач, музокаралар музлатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.