Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича айбланувчи сифатида 171 киши жалб қилинганини билдирди

Источник: Верховный суд

Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 киши айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистондаги июль воқеаларини ўрганиш бўйича ташкил этилган Мустақил парламент комиссиясининг мурожаатига жавобан тақдим этган ахборотида маълумот берилган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан дастлаб 516 киши ушланган бўлиб, шундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари Мустақил комиссия, жамоатчилик сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлик корпусининг киритган илтимосномалари асосида ўзгартирилган. Хусусан, уларнинг 10 нафарига уй қамоғи ва 97 нафарига жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланилиб, қамоқдан озод қилинган.

Кейинроқ уй қамоғида сақланаётган 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоа кафиллигига ўзгартирилган.

Айни вақтда жиноят ишининг 22 кишига оид қисми (20 нафарига қамоқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги ва 1 нафарига уй қамоғи қўлланилган) айблов хулосаси билан тамомланиб, судга юборилган, суд жараёнлари Бухоро вилоятида бўлиб ўтмоқда.

«Қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Идоранинг қўшимча қилишича, алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов якунланмоқда, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамоқда сақланмокда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.