Бош прокуратура “Ўрмонқурилиш” ДУК мансабдорлари қўлга олинганини билдирди
Бош прокуратуранинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан соҳада қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги “Ўрмонқурилиш” ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида текшириш ўтказилди.
«Текширишда ушбу ташкилотларнинг мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига тамагирлик йўли билан жуда кўп миқдорни ташкил этувчи 43 минг АҚШ доллари ва 111,5 млн. сўм пул маблағларини пора тариқасида қўлга киритишгани аниқланди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.
Шарҳлар