Бош прокуратура: Тошкент аэропортида аҳволи ёмонлашган аёл касалхонада вафот этди

Foto: SSV

Тошкентда Дубай-Тошкент рейси билан келган йўловчи аёл саломатлиги ёмонлашгандан сўнг шифохонага етказилиб, у ерда вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

7 октябрь куни соат 17:34 да «Тошкент» халқаро аэропортининг тиббий пунктига келиш залида йўловчининг аҳволи ёмонлашгани ҳақида чақирув келиб тушган. Дубайдан HY-334 рейси билан келган 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси кучли бош оғриғи ва умумий ҳолсизликдан шикоят қилган.

Тиббий пункт ходимлари дастлабки ёрдам кўрсатгач, касалхонага ётқизиш учун шаҳар тез ёрдам хизматини чақиришган. Соат 18:32 да тез ёрдам машинаси аёлни келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетган.

Шифокорларнинг барча уринишлари ва реанимация тадбирларига қарамай, бемор вафот этган. Ҳозирда ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.