Бош прокуратура Тошкент ва вилоятдаги ҳаво ифлосланишини ўз назорати остига олди
Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари назоратга олинди. Текширувларга кўра, чанг ва газ тозалаш ускуналари Тошкент шаҳридаги 31 та корхонадан 8 тасида, Тошкент вилоятидаги 27 та корхонадан 19 тасидагина ўрнатилган.
Тошкентликлар сўнгги пайтларда ҳавонинг юқори даражада ифлосланишидан хавотир билдиришган ва шаҳар халқаро рейтингларда тобора кўпроқ ифлосланган шаҳарлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Вазиятга қурғоқчил иқлим каби табиий омиллар, шунингдек, саноат, транспорт, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва тасдиқланган режаларсиз интенсив қурилиш таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб прокуратура органлари томонидан “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан режали текширувлар ўтказилмоқда. Аниқланишича, атроф-муҳитга юқори таъсир кўрсатадиган тоифаларга кирувчи кўплаб корхоналар замонавий тозалаш тизимларини ўрнатишни кечиктирмоқда.
22 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Бош прокуратура назорати остида турли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида текширувлар ўтказилмоқда. Аниқланган барча қонунбузарликлар атрофлича ўрганилиб, уларнинг ҳар бири бўйича чора кўрилади.
Шарҳлар