Ботаника боғи ҳокимликка берилмайдиган бўлди

Фото: tripadvisor

Тошкент ботаника боғи вилоят ҳокимликларининг “дам олиш боғлари бошқаруви дирекциялари”га ўтказиш таклиф қилинаётган Ўзбекистондаги 200 га яқин боғлар рўйхатидан чиқариб ташланди. Бу ҳақдаги қарор лойиҳасини ишлаб чиққан Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) мазкур таклифни жамоатчилик танқидидан сўнг маълум қилди, деб ёзади «Газета» нашри.

Фанлар академиясининг эътирозларидан сўнг (у таклифни «ўта салбий» деб қабул қилганини билдирди) Ботаника боғи қарор лойиҳасидан чиқариб ташланди, дея хабар беради ДАБА.

“Қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, шунингдек, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда якуний ишлаб чиқилганидан сўнг Вазирлар Маҳкамасига киритилади”, — дея қайд этади агентлик.

Ҳокимлик Ботаника боғини кўнгилочар боққа айлантиришга рухсат бермасликларини билдирган.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси боғдаги дарахтлар коллекциясини “Ўзбекистоннинг миллий бойлиги” деб атади ва қонунга кўра, ботаника боғлари ҳудудида белгиланган мақсадларга тўғри келмайдиган, уларни ташкил этиш мақсадларига ва флоранинг сақланишига таҳдид соладиган фаолият тақиқланишини таъкидлади.

Адлия вазирлиги қарор лойиҳаси манфаатдор томонлар билан келишилмаганини маълум қилди. Ҳуқуқий экспертиза давомида Адлия вазирлиги ижобий хулоса бермади, дея қўшимча қилди бошқарма.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева “биз бу табиий ҳудудни ҳимоя қилишимиз, асраб-авайлашимиз ва фарзандларимизга мерос қилиб беришимиз шарт”, деди.

“Мен Ботаника боғининг тижорат тузилмалари бошқарувига ўтказилишига мутлақо қаршиман. Унинг майдонидан бир сантиметр ҳам ижарачиларга ёки қурувчи ташкилотларга берилмаслиги керак «, – деди у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.