Шавкат Мирзиёев миллий эстрада санъати асосчиси Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди
Тошкент шаҳрида миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, санъат мухлисларини қизғин табриклади.
«Бугун ўзига хос санъат ва маданият байрами. Ушбу қувончли воқеа билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари ва мухлисларини, бутун халқимизни самимий муборакбод этаман», – деди Президент.
Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ва 2021 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
Буюк санъаткорнинг сўнмас хотирасини эъзозлаш, ижодий меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, Президент қарори қабул қилиниб, 2021 йилда Ботир Зокировнинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланиб, улуғ ҳофиз номидаги миллий мукофот таъсис этилган. У ҳақда илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилган.
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг номи берилган. Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилиб, бугин бу ерда ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда.
«Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади», – деди давлат раҳбари.
Шарҳлар