Божхона органлари номидан фойдаланиб тадбиркорлардан пул ундирган фирибгар ушланди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмаси томонидан божхона органлари номидан фойдаланиб, тадбиркорлардан ноқонуний равишда пул ундириб келаётган шахснинг фирибгарлиги фош қилинди.
Унда Тошкентдаги божхона брокерлик фирмаларидан бирининг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси М.А. бир қатор тадбиркорлик субъектлари номига келтирилган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнини гўёки тезлаштириш учун юк эгаларидан пул ундириб келган.
Масалан, тадбиркорлардан бирининг номига келтирилган қиймати 6.5 минг АҚШ долларидан зиёд бўлган 2 та дастгоҳ божхона органларининг Хавфни бошқариш тизимида “сариқ” йўлакка йўналтирилган, яъни божхона кўригидан озод қилинган бўлса-да, фуқаро М.А. юк эгасидан гўёки ушбу товарларнинг божхона кўриги ва расмийлаштирувини тезлаштириш учун 1.2 млн сўм пул маблағини олган.
Бошқа бир тадбиркор номига келтирилган ва божхонада “қизил” йўлакка тушган 32.5 минг долларлик 191 дона сув насосларини божхона кўригидан ўтказишда фуқаро М.А гўёки кўрикни расмийлаштирган божхона ходимига бериш учун юк эгасидан 300 АҚШ долларини сўраб олади.
Яна бир корхона номига келтирилган товарларнинг божхона кўриги ва расмийлаштируви учун фуқаро М.А. 2 та ҳолатда жами 600 АҚШ доллари ва 700 минг сўмни тадбиркордан сўраб олади.
Умумий ҳисобда фуқаро М.А. гўёки божхона кўриги ва расмийлаштирувини амалга ошираётган ходимларга бериш учун тадбиркорлардан 900 АҚШ доллари ва 1,9 млн сўмни фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар