Британия разведкаси: Пригожин исёнидан кейин Путин Москва мудофаа кучларини ташкил қилмоқда
2023 йил июнь ойида “Вагнер” гуруҳи исёнидан кейин РФ президенти Владимир Путин янги ҳарбий тузилмалар яратиш орқали Москвани ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда РБК-Украина Британия Мудофаа вазирлигига таяниб, Twitter тармоғида хабар беради.
Хабарда қайд этилишича, 2022 йил ноябрь ойида Путин пойтахт инфратузилмасини ҳимоя қилувчи янги ташкилот — Москва ҳукумати хавфсизлик кучлари ташкил қилинишини маъқуллаган.
2023 йил июль ойидан бошлаб бу тузилма ўқотар қуроллардан фойдаланишга рухсат олиб, янада ҳарбийлаштирилган хусусиятга эга бўлди. Ушбу тузилмага режалаштирилган 15 минг кишидан бир неча минг янги ёлланганлар жалб қилинган бўлиши мумкин.
Британия разведкасининг қайд этишича, янги тузилма Россиянинг узоқ муддатли ҳарбийлаштириш анъаналарининг, яъни қуролли ташкилотларнинг оддий қуролли кучлар таркибидан ташқаридага фаолиятига намунадир: Бироқ, Москва ҳукумати хавфсизлик кучлари 2023 йил июнь ойида исёнчи “Вагнер” гуруҳи қўшинларининг олдинга силжишига қарши Москва маҳаллий хавфсизлик кучларининг тайёргарлиги ҳақидаги хавотирларга жавобан кучайтирилган бўлиши мумкин.
“Лойиҳа, шунингдек, москваликларга Украинада фронтда хизмат қилишдан қочган ҳолда, уруш давридаги «ватанпарварлик» вазифаларини ихтиёрий равишда бажариш имкониятини беради. Москва мэри Сергей Собянин можаронинг пойтахтнинг нисбатан бой аҳолисига бевосита таъсирини чеклашга муваффақ бўлди. Украинадаги россиялик қурбонларнинг аксарияти қашшоқроқ ҳудудлардан”, – дея қайд этади Британия Мудофаа вазирлиги.
Пригожин қўзғолони ва Кремль режимининг жавоб реакцияси
Эслатиб ўтамиз, “Вагнер” жангарилари 2023 йил 24 июнь куни Ростов-на-Дону шаҳрида назоратни тезда қўлга киритиб, Москва томон йўл олди ва Путинга 1999 йилда Россиянинг раҳбари бўлганидан бери унинг ҳокимиятига нисбатан энг жиддий синовни тақдим этди.
Ростовда Евгений Пригожиннинг ёлланма аскарларини халқ хурсандчилик билан кутиб олди. Баъзи манбаларга кўра, Путиннинг ўзи ва унинг атрофидагилар Москвадан қочган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко воситачилигидаги келишув натижасида қўзғолон бостирилган.
Пригожин 23 август куни самолёт портлаши оқибатида ҳалок бўлди.
Шарҳлар