Бронхиал астма болаларда келиб чиқишининг яна бир сабаби аниқланди – тадқиқот
Наслий ва касбий омиллар, экологик муаммолар, семизлик, нотўғри овқатланиш, турли микроорганизм ва аллергенлар… Булар — бронхиал астма хасталигини келтириб чиқарувчи сабаблар рўйхатида етакчи. Аммо болаларда мазкур хасталикни юзага келтирувчи яна бир муҳим фактор бор. Буни Австралиянинг Квинсленд университети олимлари аниқлади. Қайд этилишича, ота-оналардаги давомли руҳий тушкунлик келгусида уларнинг фарзандларида астма хасталигини пайдо қилиши мумкин. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар беряпти.
Ушбу илмий хулосани жамоатчиликка тақдим этиш учун 14 йил зарур бўлди. Узоқ йиллик тадқиқот давомида мамлакатда яшовчи 3900 нафардан ортиқ болаларга тегишли тиббий маълумотлар таҳлил қилинди.
«Ўрганишлар якунида ота-оналари ўрта ва юқори даражада стрессни бошдан кечирган ўғил-қизларда 77 фоиз кўпроқ нафас қисиши ва ҳансираш хуружлари кузатилиши маълум бўлди», – дейилади хабар.
Алоҳида мезонлар бўйича таҳлил қилинганда, оналаридаги депрессия туфайли фарзандларида астмага чалиниш эҳтимоли 55 фоизга ортиши аниқланди.
Шунингдек, ота-оналари ўртача молиявий қийинчиликларга рўбарў келган оилаларда дунёга келган ўғил-қизларда бу кўрсаткич 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда дунё бўйича ўртача 5 фоиз аҳоли бронхиал астма ташхиси билан яшамоқда. Болалар ўртасида бу статистика янада юқори — 10 фоизга тенг.
Шарҳлар