«Бу инқирознинг охири кўринмаяпти» – бош вазир Фаластин-Исроил низоси ҳақида

Абдулла Арипов
Фото: ОИС

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида 11 ноябрь, шанба куни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити ўтказилди. Унда Ғазодаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам нутқ сўзлаб, ташкилотнинг мазкур тадбир алоҳида рамзий аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган ҳалокат ҳаммамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солмоқда… Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бугунги низо мисли кўрилмаган бўлиб, Яқин Шарқ можаросининг яқин 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёрида юз бераётган можарога жим қараб туролмаймиз. Бу борада Ўзбекистон тегишли дипломатик чораларни амалга оширмоқда», —деди Арипов. 

У Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн доллар ажратгани, БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига 120 та давлат қаторида Ўзбекистон ҳам ёқлаб овоз бергани, Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Исроил-Фаластин можаросига тўхталиб ўтилгани, Ўзбекистонда ўтган ИҲТ саммитида ҳам Шавкат Мирзиёев урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олаётгани ҳақида гапирганини сўзининг далили сифатида келтирди.

«Ғазодаги қонли тўқнашувлар оқибатида кўрилган инсоний йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдакларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз», — деди Ўзбекистон ҳукумати раҳбари.

У Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирга эканини яна бир бор қатъий билдиришини қайд этди. «Ўзбекистон Фаластиннинг БМТ, ИҲТнинг муқаддам қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб қувватлайди…», — деди у.

«Зўравонлик яна давом этаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувга янги кучлар тортилишига сабаб бўлиши муқаррар. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин», — деди Абдулла Арипов.

У, шунингдек, Ўзбекистон ИҲТнинг мазкур можарони ҳал этишда амалга оширадиган ишларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.