Бугун 8 нафар спортчи саралаш мусобақаларида иштирок этади
29 июль куни “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларининг учинчи кунида 25 та спорт тури бўйича беллашувлар ўтказилади. Шундан 12 та спорт тури бўйича 19 та медаллар жамланмаси учун курашлар бўлиб ўтади.
Ўзбекистон олимпиячилари дзюдо, қиличбозлик, академик эшкак эшиш, сузиш, бокс спорт турларида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
Дзюдочилардан Шукуржон Аминова ва Муроджон Йўлдошев, қиличбозлардан Зайнаб Дайибекова совринли ўринларга даъвогарлик қилса, боксчилардан Руслан Абдуллаев, Баҳодир Жалолов, академик эшкак эшувчилар Шаҳзод Нурматов ва Сибир Сафаралиев, сузувчи Иля Сибирсев саралаш мусобақаларида қатнашади.
Дзюдочи Шукуржон Аминова 57 килограммда Кот-дъИвуар вакили Зулейха Дабонне билан, Муроджон Йўлдошев қозоғистонлик Данияр Шамшаев билан саралашдаги илк баҳсларда рўбарў келади.
Қиличбозликнинг сабля йўналишидаги беллашувда қатнашаётган Зайнаб Дайибекова Корея Республикаси спортчиси Ю Жинсу билан, боксчи Баҳодир Жалолов норвегиялик Омар Шиҳа билан, Руслан Абдуллаев мексикалик Мигель Рамирес билан илк учрашувларда тўқнаш келишади.
Ёзги Олимпия ўйинларининг умумжамоа жойлашувида Япония вакиллари 4 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали билан етакчилик қилмоқда. Кейинги поғоналарда Австралия (4-2-0), АҚШ (3-6-3), Франция (3-3-2) каби мамлакатлар жой эгаллаган.
Кеча Диёра Келдиёрованинг дзюдо беллашувларида олтин медалга эга чиқиши эвазига Ўзбекистон спорт делегацияси умумжамоада 10-ўринда бормоқда.
Айтиш лозим, ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этаётган 206 та спорт делегациясидан бугунгача 22 таси совринли ўринларни эгаллаган бўлса, 84 та миллий жамоа ҳали биронта ҳам медал қўлга кирита олмаган.
Шарҳлар