“Хатога йўл қўйманг, хавфсизликни унутманг!”
Бугун — Бутунжаҳон беморлар хавфсизлиги куни. Ушбу санани нишонлаш масаласи 2019 йилдаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида ЖССТга аъзо 194 давлатнинг барчаси розилиги билан маъқулланган эди.
Мақсад беморлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хабардорликни ва жамоатчилик иштирокини ошириш ва глобал бирдамлик ҳаракатларини рағбатлантиришдан иборат.
Ташхис қўйиш вақтида бемор ҳам, у билан бирга тиббиёт ходимлари ҳам мураккаб ва баъзан узоқ диагностика жараёнидан ўтади. Унинг доирасида бемор билан суҳбат, текширув, таҳлиллар топшириш ва натижаларни таҳлил қилиш каби босқичлардан сўнг якуний ташхис қўйилади ва даво муолажалари белгиланади.
Ҳар қандай вазиятда бемор ҳолатига эътиборли бўлиш ва ўз вақтида, аниқ ташхис қўйишга интилиш ҳар бир тиббиёт ходимининг асосий вазифасидир.
Шулардан келиб чиққан ҳолда бу йил ушбу санани нишонлаш кампанияси “Бемор хавфсизлиги учун ташхисни такомиллаштириш” мавзусига қаратилган бўлиб, “Хатога йўл қўйманг, хавфсизликни унутманг!” шиори остида ўтказилмоқда.
Шарҳлар