Бугунги Паралимпия ўйинларда ўзбекистонлик спортчилар олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди
Ўзбекистон делегацияси Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида навбатдаги медалларига сазовор бўлди. Пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида Ф41 классида ядро улоқтириш дастурида Бобур Омонов 14.32 метр натижа қайд этиб, ҳам рекорд ўрнатди, ҳам олтин медални қўлга киритди.
Маълумот учун, Бобур Омонов бундан аввал Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам чемпионликни қўлга киритган эди.
Шунингдек, пара енгил атлетика бўйича Т12 классидаги узунликка сакраш баҳсида Дониёр Салиев кумуш медални қўлга киритди. Дониёр Салиев муросасиз баҳсларда 7.16 метр натижа қайд этишга эришди.
Пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Ф54 классида ядро улоқтириш баҳсларида эса Нурхон Қурбонова 7.75 метр натижа қайд этиб, бронза медалга сазовор бўлди.
Маълумот учун, Нурхон Қурбонова бундан аввал Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш ва бронза медалини қўлга киритган эди.
Ҳозирги пайтда делегациямиз ҳисобида 14 та медал бор:
6 та олтин;
4 та кумуш;
4 та бронза.
Шарҳлар