Бухоро тумани собиқ ҳокими қамоққа олингани расман тасдиқланди

Фото: Бугун.уз

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидовнинг Anhor.uzга маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Х. Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.

«Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Х. Ж. (эркак, 1973 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Бухоро тумани ҳокими лавозимида ишлаган)га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.