Бухоро вилоятида 1,2 млрд сўмлик мажбурий аъзолик йиғимларини амалга оширишга бўлган уринишнинг олди олинди
Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширувда вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан 2021-2022 ўқув йили учун «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзоликка қабул қилиш ва аъзолик бадалларини йиғиш тўғрисида мажбурий характерда бўлган 225-сонли буйруғи қабул қилинганлиги аниқланган. Ушбу буйруқ иловасида вилоятдаги жами 169 минг 339 нафар ўқувчидан 914,4 млн. сўм ва 28 минг 488 нафар педагог ходимдан 307,6 млн. сўм аъзолик бадалларини йиғиш режа-графиги тасдиқланган. Бу ҳақда ЎзА ёзади.
Вилоят прокуратурасининг текшириши давомида Халқ таълими бошқармасининг 2021 йил 10 декабрдаги 238-сонли буйруғи билан юқоридаги буйруқ бекор қилинди. Бошқарма бошлиғи қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди.
Таъкидлаш лозимки, аъзолик бадалларини тўлаш ихтиёрий бўлиб, ҳар қандай мажбурий тўлов ундирилиши қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Шарҳлар