Бухорода қалъа деворининг бир қисми ёмғирлар сабабли қулаб тушган

Источник: Управление культурного наследия Бухарской области

Жорий йилнинг 11 март куни кечки пайт Бухоро шаҳрида ҳафта давомида об-ҳавонинг мутасил ёғингарчилик оқибатида Бухоро шаҳридаги Талипоч қалъа дарвозасининг чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушган. Бу ҳақда маданий мерос бошқармаси хабар беради.

12 март куни Бухоро вилоят ҳокимлиги, Маданий мерос бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий  реставрация маркази, Бухоро вилоят  маданий мерос бошқармасининг масъул ходимлари ва бошқарманинг махсус экспертларидан иборат Жамоатчилик Илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ҳодисани жойида ўрганиб чиқишди.

Ўрганиш натижасида, ХVI асрга тегишли Талипоч қалъа дарвозаси 2003 йилда қайта тикланган, ўтган йиллар давомида қалъа атрофидаги деворнинг чап қаноти ортидаги маданий қатламларнинг чўкиши, қоплама деворларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамда жорий йилнинг март ойида кузатилган доимий ёғингарчилик деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига олиб келганлиги аниқланди.

«Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси ва экспертлар томонидан объектнинг техник ҳолати ўрганилиб, уни тезкорлик билан қайта тиклаш чораларини кўриш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда», – дея қайд этади ташкилот.

Талипоч қалъа дарвозаси 2022 йилда сақлаш бўйича ишлар амалга оширилиши зарур бўлган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхатига киритилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.