Бухорода имтиёзли кредитларни талон-тарож қилган ҳоким ёрдамчиси ҳибсга олинди
Бухоро шаҳри «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳоким ёрдамчиси А.С. маҳаллада яшамайдиган шахслар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда “Газета” нашри Бухоро вилояти прокуратурасига таянган ҳолда ёзади.
Аниқланишича, А.С. «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб, Ўзбекистон президентининг «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777 сонли қарори билан берилган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратишдаги махсус ваколатдан мансаб мавқейини суиистеъмол қилиб, кредит маблағларини ўзлаштирган.
Хусусан, у «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳудудида яшамайдиган ва фаолият кўрсатмайдиган М.Ҳ., Ж.А., Н.Ғ., М.А. ва А.М. номига мототранспорт воситаси ҳамда ичимлик сувини қайта ишлаш аппаратини сотиб олиш учун 33 млн сўмдан, жами 163 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратиб, уларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Ҳоким ёрдамчиси 14 сентябрда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «г» банди (Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан ишда айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Кенг ваколатларга эга бўлган ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган молиявий жиноятлар тўғрисида вақти-вақти билан хабарлар тарқалади. 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида туман ҳокимининг ёрдамчиси тадбиркордан 35 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган. Қашқадарёнинг Ғузор туманида маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишга олишини ваъда қилиб, 300 АҚШ долларини олаётган вақтда ҳоким ёрдамчиси қўлга олинган.
Шарҳлар