Бухорода кунига 500 минг куб метр газ қазиб олинадиган янги қудуқ иш бошлади
Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳудудида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Тегирмон” газконденсат конидаги 7-сонли қидирув қудуғи 2428 метр чуқурликкача бурғиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беряпти.
«Ўтказилган синаш ишлари натижасида юқори юра даври карбонат ётқизиқларининг маҳсулдор қатламидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди. Қудуқнинг бошланғич кунлик дебити 500 минг куб метрни ташкил этмоқда», – дейилган хабарда.
Ҳозирги вақтда ушбу қудуқнинг маҳсулдор қатлами босими, ҳарорати ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.
Шарҳлар