Бухорода саксовул кесганлар экоинспекторларга ҳужум қилишди
Сентябрь ва октябрь ойларида Бухоро вилоятида саксовулни ноқонуний кесиш бўйича 25 та ҳолат аниқланган, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Чўл ҳудудларида ўтказилган назорат рейд тадбирлари давомида вилоят экология бошқармаси инспекторлари ҳуқуқбузарларни таъқиб қилишларига тўғри келган. Баъзи ҳолларда саксовул кесувчилар инспекторларнинг ҳаётини хавф остига қўйишган.
Вазирлик томонидан эълон қилинган видеода саксовул юкланган самосвал ҳайдовчилари орқасидан келаётган экоинспекторлар йўлига дарахтларни ташлаб кетаётгани акс этган. Кадрларда саксовул кесувчилар инспекторларга қарата дарахтлар бўлакларини улоқтираётганини кўриш мумкин.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми — дарахтлар ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш (фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) билан маъмурий баённомалар тузилди.
25 та ҳолатда табиатга 29 миллион 702 минг 400 сўм зарар етказилгани ҳисобланган ва 222 миллион 900 минг сўм жарима тайинланган. Ҳуқуқбузарлар жами 252 миллион 602 минг 400 сўм товон тўлашлари белгиланган.
«Экология вазирлиги ва вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида саксовулларнинг ноқонуний кесилишига қарши рейд тадбирлари доимий тарзда ўтказилмоқда. Бу борадаги ҳар қандай ҳуқуқбузарлик қатъий қонуний жавобгарликка сабаб бўлади», — дейилади хабарда.
Шарҳлар