Ўзбошимчалик билан қурилган ёки қурилаётган объектлар фойдаланишга қабул қилинмайди
Жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан рўйхатдан ўтказмасдан ўзбошимчалик билан қурилган ёки қурилаётган объектларни фойдаланишга қабул қилишга рухсатнома берилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан қурилиш соҳасига оид маъмурий Регламентлар тасдиқланган. Мазкур Регламентларда қурилиш ишларини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бошлаши учун объектни рўйхатдан ўтказишлари шартлиги кўрсатиб ўтилган.
«Шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тартибини амалга оширилиши ҳам қатъий белгилаб берилган. Бироқ, айрим ҳолатларда шаҳарсозлик субъектлари яъни мулкдорларнинг мазкур регламент талабларини бажармаслиги, ўзбошимчалик билан қурилишлар қилаётган ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шу каби масалаларни ҳал этиш, қонуности хужжатларидаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 619-сонли қарори қабул қилинди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳужжатнинг иккинчи бандида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига 2024 йилнинг 1 апрелидан ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтмасдан қурилган объектларни инструментал техник текширувдан ўтказиб, фойдаланишга рухсат бериш ишларини тўхтатиш вазифаси юклатилган.
«Юқоридагиларни инобатга олиб, 2024 йилнинг 1 апрелидан эътиборан ҳудудий Инспекциялардан рўйхатдан ўтказмасдан ўзбошимчалик билан қурилган ёки қурилаётган объектларни фойдаланишга қабул қилишга рухсатнома берилмаслигини маълум қиламиз», – деган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов.
Алоҳида қайд этиш керакки, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, қурилиш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатларини келишишдан бошлаб фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилган.
Яъни, ушбу жараёнларга оид бара ҳужжатлар электрон форматда онлайн қабул қилинади ва кўриб чиқилади. Шунингдек, объектларнинг қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш ҳудудий Инспекциялар томонидан махсус электрон плафторма орқали амалга оширилади.
Шарҳлар