Буюк Британия Украинага 300 млн доллар ажратилишини эълон қилди
Буюк Британия ҳукумати келаси йил давомида Украинага 245 миллион фунт стерлинг (қарийб 311 миллион доллар) миқдорида ёрдам ажратилишини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Кўмак артиллерия ўқ-дорилари захираларини тўлдириш ва уларни ишлаб чиқариш учун етказиб беришлар занжирини фаоллаштиришга қаратилган.
“245 миллион фунт стерлинг ажратилиши ҳақида жанговар ҳаракатлар бошланганига нақ икки йил тўлган куни эълон қилинди. Артиллерия Украинанинг жанг майдонидаги муваффақиятлари учун ўта муҳим бўлиб чиқди, у доимий равишда Россия кучларини заифлаштиради ва уларга сезиларли силжишларни амалга оширишга имкон бермайди”, — дейилади Буюк Британия ҳукумати сайтидаги хабарда.
Британия мудофаа вазири Грант Шеппс 22 февраль куни Лондон Киевга 200 та Brimstone ракеталарини юборишини айтганди. Бундан ташқари, мамлакат бошқа иттифоқчилари билан биргаликда 2024 йил биринчи ярмида яна 10 минг нафар украин ҳарбийларини ўқитмоқчи.
Шарҳлар