Буюк Британия ўз битирувчиларини ташлаб қўймайди: Грантлар ва муваффақиятлар!
Маълумотларга қараганда 2020-2021 ўқув йилида Буюк Британияда таҳсил олаётган 615 нафар ўзбекистонлик талабалардан 115 нафари «Эл-Юрт Умиди» жамғармаси стипендияси соҳиблари бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 250 дан ортиқ Чевенинг дастури битирувчилари, 11 нафар Hornby стипендияси битирувчилари ва 2 нафар STEM соҳасидаги аёл-қизлар стипендияси совриндорлари мавжуд. Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги трансмиллий таълим бозори ўсишда давом этмоқда ва ҳозирги кунда Ўзбекистон бўйлаб 10 та Буюк Британия олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистондаги Британия Кенгаши ва Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида «Буюк Британия олий ўқув юртларини тамомлаган ўзбекистонлик битирувчилар анжумани ўтказилди. Тадбирда Буюк Британия университетлари битирувчилари, Чевенинг стипендия дастури ғолиблари, Буюк Британия Alumni Awards мукофоти совриндорлари каби 200 дан ортиқ ёш мутахассислар иштирок этди. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади иштирокчиларга касбий ривожланиши ва малака ошириш имкониятларини тақдим этиш ҳамда Ўзбекистонда Буюк Британия битирувчилари тармоғини мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Тадбирда Буюк Британлянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи ўринбосари жаноб Жеймс Роэд-Мур ҳамда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори ўринбосари Жамиля Гулямова иштирокчиларга самимий тилаклар билдириб, Буюк Британия битирувчилар тармоғининг аҳамияти ва унинг мамлакат таълим тизимига қўшган ижобий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, London South Bank Universiteti таркибидаги South Bank Innovation тадбиркорлик, тарақиқот ва инновациялар бўлими менежери жаноб Руи Баррос Силва сунъий интеллектни ривожлантириш кўникмаларини келажакда қандай жорий этиш ва турли соҳалардаги бизнес тизимларини такомиллаштиришга кўрсатадиган таъсири мавзусида маъруза қилди.
Шундан сўнг, Буюк Британия университетлари битирувчилари бизнес, тадбиркорлик ва таълим соҳасида етакчи миллий мутахассислар иштирокида лидерлик мавзусида панел муҳокамаси бўлиб ўтди. Ушбу сессияга Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси, ҳозирда Тошкентдаги Вебстер Университети профессори Алишер Файзуллаев раислик қилди. Муҳокамада замонавий бизнес стандартларига мослашувчанлик, ишонч уйғотиш, одоб-ахлоқ ва алоқаларни мустаҳкамлаш каби лидерликнинг сифатлари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида 2023-йилги Alumni Awards мукофотларининг «Маданият ва Ижод» йўналишида Глобал Ғолиб, Эдинбург университетининг «Қиёсий ва умумий адабиётшунослик йўналиши битирувчиси Искандар Саттибоев сўзга чиқди. Буюк Британия таълими унинг касбий ривожланишига қандай ижобий таъсир қилганини, хусусан, Андижондаги давлат мактаби ўқитувчиси сифатидаги тажрибасидан илҳомланиб, талабалар учун тилларни осон ва самарали ўрганишга имкон берувчи мобил илова яратгани ҳақида ҳикоя қилди.
Шарҳлар