Ўзбекистон делегацияси Лондондаги Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этди
19-22 май кунлари Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Бутунжаҳон таълим форуми (Education World Forum) бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги мамлакат делегацияси иштирок этди.
20-Бутунжаҳон таълим форумида, шунингдек, 100 дан ортиқ давлатлардан вазирлар ва вазир ўринбосарлари, таълим хизматлари билан шуғулланувчи турли ташкилот ва нуфузли компаниялар вакиллари қатнашган.
Хабарга кўра, «форумда дунёда таълим соҳасида амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар ва уларни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинган».
Ўзбекистон делегацияси вакиллари форум дастуридан ўрин олган таълимнинг долзарб масалаларига бағишланган панел муҳокамаларда иштирок этиш баробарида турли давлатларнинг таълим компаниялари ва ташкилотлари раҳбарлари билан музокара ўтказган.
Бўлиб ўтган учрашувлар якунида «Pearson», Портсмут университети, Норвич тил таълими институти, «QAA», «Cambridge University Press & Assessment», «AQA», «Times Higher Education», Вулверхэмптон университети ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланган.
Шарҳлар