Бухорода “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади

Фото: buxoro.uz

Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, юқори сифатли сервис хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайлгоҳларни кўпайтириш мақсадида кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Мазкур паркнинг яратилишидан кўзланган бош мақсад қадим Бухоронинг бой тарихи ва маданиятини, ноёб моддий ва номоддий маданий меросини асраб-авайлаш, уни янада кенгроқ тарғиб этишдир», – дейилади хабарда.

Тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар, жумладан, этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.

«Мажмуа марказида, шунингдек, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади», – дейилади.

Ўтган асрнинг 20-йилларида М.Фрунзе бошчилигидаги “қизил армия” қўшинларининг ҳужуми оқибатида Бухоронинг кўплаб, тарихий обидалари вайрон қилинган. Жумладан, шаҳардаги асрлар давомида хизмат қилиб келган ариқ ва ҳовузлар кўмилиб кетгани бу ҳудуддаги дренаж тизимига салбий таъсир кўрсатган. Янги этнографик парк мазкур йўқотилган маданий бойлигимизнинг намуналари саналган қадим дренаж тизимларини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади. Қачонлардир ташландиқ ҳолатда бўлган ҳудуд ўрнида гўзал бир ландшафт қад ростлаши айтилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.