Бухорони ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва унда давлат раҳбари Бухорода ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этди.
Вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошган. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинган, 4,6 мингта корхона ишга туширилиб, 90 мингта иш ўрни яратилган.
«Экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди», – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, вилоят салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вилоят раҳбарияти, 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳозирги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди. Бухоронинг 4,2 миллион гектар ери бўлса, 6 фоизига экин экилади. Яна 3,2 миллион гектар ер ҳеч қанақа мақсадда ишлатилмайди.
Вилоятдаги 60 минг тонна ип-калаванинг 57 фоизи матога айланмоқда, қолгани хомашё шаклида арзон сотилмоқда, матонинг 24 фоизи тайёр маҳсулотга айланаяпти ҳамда вилоятда 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот етиштирилса-да, экспорти 15 миллион доллардан кам.
«Йиғилишда аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Вилоятда бу ой 21,5 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келади. Уларни ва ишсиз, кам даромадли аҳолини иш ва даромад манбалари билан таъминлаш стратегик вазифа саналади», – дейилган.
Янги тайинланган вилоят раҳбарлари тадбиркорга ёрдам бериб, Бухорони камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш шартлиги ҳақида огоҳлантирди, шунингдек, Бухорода кичик бизнесга бу йили 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит ажратилиши эълон қилинди. Туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади.
Шарҳлар