Ўзбекистонда BYD Seagull ва E2 электромобиллари ишлаб чиқарилади
Аҳоли барча қатламларининг талабларини бажариш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш стратегияси доирасида BYD Uzbekistan Factory заводи Хитой ҳамкорлари билан BYD автомобилининг янги моделларини ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришди, деб хабар бермоқда “Ўзавтосаноат”. Ишлаб чиқариш учун кўзда тутилган моделлар орасида BYD Seagull ва E2 бўлиб, ҳамкорлар томонидан уларнинг биринчи намуналари синов лабораторияларида текширилмоқда.
BYD Seagull ва E2 моделлари учун сертификат синовларини ўтказиш мақсадида ушбу автомобиллар UzTest давлат муассасасининг Quality and Safety Testing синов лабораториялари комплексига топширилди.
Синовлар умумий техник регламент талабларига асосланиб ўтказилмоқда ҳамда электромагнит мослик, тормоз тизими самарадорлиги, ички ва ташқи шовқин даражаси, иситиш ва совутиш тизимлари, бошқарувчанлик ва барқарорлик, ёритиш тизими ва бошқа кўплаб кўрсаткичларни текширишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Техник регламент агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси бозорига таклиф этиладиган автомобиллар учун янги стандартларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу стандартлар хизмат кўрсатиш ва кафолат шартлари, халқаро экологик стандартларга мувофиқлик, хавфсизлик талабларига риоя қилиш, шунингдек, янги энергия манбаларидаги автомобил аккумуляторларини хавфсиз қайта ишлаш ва утилизацияни ўз ичига олади.
Ушбу қадам BYD Uzbekistan Factory заводининг нафақат ўз маҳсулот турларини кенгайтириши, балки уларнинг юқори сифатини ҳамда барча зарур хавфсизлик ва экологик стандартларга мувофиқлигини таъминлашга бўлган интилишини кўрсатади, дейилади хабарда.
Шарҳлар