C гепатитига чалинган беморлар дорилар билан бепул таъминланади
Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, скрининг текширувларида вирусли гепатит “С” тури аниқланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади.
Ҳужжат билан барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва унинг юритилиши кўзда тутилмоқда.
2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.
Шу санадан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволашни 10,5 минг нафаргача етказилади.
2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларида қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимларнинг гепатит
“В” инфекциясига қарши эмланган бўлиши ҳамда Реестрнинг белгиланган тартибда юритилиши тиббий фаолиятни лицензиялаш талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади.
Шарҳлар