“ЦАХАЛ”: Хамаснинг ҳарбий қаноти командири Муҳаммад Дейф Ғазо секторининг жанубига берилган зарба нишонига айланди

Фото: ЦАХАЛ

Хамас ҳарбий қаноти командири Муҳаммад Дейф ҳамда Хан-Юнис бригадаси командири Рафаа Саламе Исроилнинг Ғазо сектори жанубига берган зарбасининг нишонларига айланди. Бу ҳақда “ЦАХАЛ” шанба куни маълум қилди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Деиф ва Саламе Ал-Маваси ва Хан-Юнис ўртасидаги пастроқ бинода бўлган. Ал-Маваси ва ғарбий Хан-Юнис ҳудудлари Исроил томонидан белгиланган гуманитар ҳудуднинг бир қисми ҳисобланади, бироқ “ЦАХАЛ” ҳужум аниқлик асосида берилгани ва фақат Хамас объектини нишонга олганини айтмоқда.

Шунингдек, зарба берилган ҳудудда яна бир неча ўнлаб ХАМАС жангарилари, жумладан, қўриқчилар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Исроил ҳарбийлари, шунингдек, зарбадан олдин ва кейин сунъий йўлдош суратларини эълон қилиб, «зарба қилинган ҳудуд бир нечта бино ва омборлардан иборат очиқ ўрмонли ҳудуд» деб ёзган.

Ғазонинг Хамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, зарбада камида 71 киши ҳалок бўлган, 289 киши жароҳатланган.

Reuters агентлиги Хамас матбуот котиби Абу Зуҳрийнинг сўзларини чоп этди, у Исроил ҳарбийларининг зарба Муҳаммад Дейфга қаратилгани ҳақидаги даъвосини “бемаънилик” деб атади.

«Барча шаҳидлар тинч аҳолидир, содир бўлган воқеа Америка қўллаб-қувватлаши ва глобал сукунат билан мустаҳкамланган геноцид урушининг жиддий авж олиши бўлди», –  деди у.

Айни вақтда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳадас” телеканали манбаларга таяниб, Рафаа Саламе Исроил зарбаси натижасида ҳалок бўлгани, Муҳаммад Дейф эса оғир яралангани ҳақида хабар беради. Бу ҳақда Times of Israel ёзади. Ҳозирча бу маълумот тасдиқланмаган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.