Сирдарё вилоятида одамларнинг устига Captiva ҳайдаган йигит жазога тортилди
Ижтимоий тармоқларда тарқаган футбол майдонида маст ҳолатда Captiva русумли автомобилини одамларнинг устига ҳайдаган йигит иши Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Сайхунобод туман судида кўриб чиқилди.
Судда у ўз қилмишидан пушаймонлигини айтган. Аммо кеч бўлганди. Чунки, воқеа содир бўлган вақтда у икки нафар фуқарони автомашинасининг олд қисми билан уриб, воқеа жойидан қочиб кетганлиги инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тасдиқланди.
Унга 4 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, жазони оғир тартибли колонияда ўташлиги белгиланди.
—Бунга сабаб судланувчи бундан олдин Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 277-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги боис, озодликдан чеклаш жазоси тайинланган бўлса-да, тартибни бузиб, ундан тўғри хулоса чиқармагани учун жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди,—дейди Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман суди раиси Фазлиддин Сувонқулов.
Бундан ташқари, унинг Captiva русумли автомобили жиноят қуроли сифатида топилиб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Шарҳлар