Чақалоқларни хасталикка қарши эмлаш 99,8 фоизга етказилди
Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ трансформация қилинмоқда.
Жумладан, сил касаллигининг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича катта натижалар қўлга киритилиб, ушбу хасталикка қарши курашиш учун масъул бўлган тиббиёт муассасалари инфекцион назорат қоидаларига биноан тўлиқ реконструкция қилинди ва илғор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Чақалоқларни хасталикка қарши эмлаш 99,8 фоизга етказилди. 2023 йилга келиб, туберкулёз билан касалланиш 2010 йилга нисбатан 45 фоизга, ўлим кўрсаткичи эса 87 фоизга камайишига эришилди.
Шунингдек, таълим йўналишида ҳам сезиларли натижалар қўлга киритилди. Давлат раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди. Унинг барча мавжуд 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича жами 19 та таълим дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим халқаро стандартларига мос деб топилди.
Бундан ташқари, жорий йил Болалар миллий тиббиёт маркази ЖCИ сертификатини олди. Бу эса ушбу шифохонада тиббий хизматлар сифати ва беморлар хавфсизлиги энг юқори халқаро стандартларга жавоб беришини англатади. Қолаверса, тегишли даволаш усуллари ва бошқарув энг юқори даражада эканидан далолат.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 14 та лаборатория мажмуалари “ИЛАC МРА” халқаро аккредитациясидан ўтказилди.
Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши туфайли 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд” сертификатини олган эди.
2024 йилда эса ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге томонидан Ўзбекистонда вирусли гепатитнинг В тури сифатли эмлаш натижасида элиминация қилинганлиги бўйича сертификат топширилди. Энг муҳими, мамлакатда вакциналарнинг сифати ва самарадорлиги халқаро стандартлар асосида назорат қилинади ва барча соғлиқни сақлаш муассасаларида юқори даражада таъминланган.
Шарҳлар