Ўзбекистонда ноябр ойида кексаларга темир йўл чипталари учун чегирмалар тақдим этилади
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси туризм ойлиги доирасида кексаларнинг ички йўналишларда чипта харид қилишлари учун чегирмалар эълон қилди. 1-30 ноябрь кунлари давомида 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга барча маҳаллий йўналишлар бўйича 20 фоизли чегирма тақдим этилади.
Компаниядан маълум қилишларича, ушбу акция “Afrosiyob” тезюрар поездларига амал қилмайди.
Чипталарни «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси кассаларидан шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта)ни тақдим этган ҳолда харид қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар йили ноябрь ойида кексалар учун туризм ойлиги бўлиб ўтади.
Ойлик доирасида кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли лойиҳалар амалга оширилиб, юртимизнинг диққатга сазовор қадамжоларига саёҳатлар ташкил этилади.
Шарҳлар