,

Chess.com сайти фронтга қилган сафарлари сабабли россиялик гроссмейстер Денис Хисматуллинни блокировка қилди

Денис Хисматуллин
Фото: Федерация шахмат России

Chess.com сайти россиялик гроссмейстер Денис Хисматуллинни фронтга қилган сафарлари сабабли блокировка қилди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги турнирда шахматчининг польшалик рақиби унинг қўлини сиқишдан бош тортганди.

Блокировка қилингани ҳақида Хисматуллиннинг ўзи маълум қилган. Унинг баёноти Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинини очиқ қўллаб-қувватлаётган шахматчи Сергей Карякиннинг телеграм-каналида эълон қилинган.

Хисматуллиннинг сўзларига кўра, Chess.com шахматчига ўз сайтида совринли турнирларда қатнашиши ва ҳар қандай ижтимоий фаолият билан шуғулланиши тақиқлангани ҳақида хабар берган.

26 декабрь куни польшалик гроссмейстер Ян-Кшиштоф Дуда Самарқандда ўтказилган рапид бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи турнирида Хисматуллинга қўл бериб кўришишдан бош тортган. Польшанинг Rzeczpospolita нашри шахматчининг бундай хатти-ҳаракатини Хисматуллиннинг Украинадаги жанговар зонага бир неча бор ташриф буюргани билан изоҳлади.

“Ғарб матбуотида полякнинг бу ҳаракати таҳсинларни ва кейинги раундда қўлимни сиққан Магнус Карлсеннинг хатти-ҳаракатидан ғазабланишни келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бошланди, унда менинг Сергей Карякин билан биргаликда Шимолий ҳарбий округ зонасига бир неча бор гуманитар миссиялар билан борганим ҳақидаги фактлар очиб берила бошланди”, — деб ёзади Хисматуллин.

Шундан сўнг, шахматчининг сўзларига кўра, Chess.com унга блокировка қилиниши ҳақида хабар юборган.

Chess.com дунёдаги энг катта шахмат платформаси ҳисобланади. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг портал Россия агрессиясини қоралади. 2022 йил апрель ойидан бошлаб у Россияда блокировка қилинган.

Денис Хисматуллин 2005 йилда Россия кубогида, 2006 йилда эса Воронеждаги Master-open турнирида ғолиб чиққан. 2009 йилда Хисматуллин Россия чемпионати Олий лигасида бронза, 2010 йилда эса кумуш медални қўлга киритган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.