,

Чилидаги кучли ўрмон ёнғинларида 51 киши ҳалок бўлди

Фото: Новости Германии

Чилида мамлакат бўйлаб давом этаётган ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда, деб ёзади CNN.

«Фожеа натижаларини ҳисобга олсак, яқин соатларда қурбонлар сони ортиши аниқ», деган Чили президенти Габриел Борик шанба куни телевидение орқали берган баёнотида.

Унинг қўшимча қилишича, Мудофаа вазирлиги барча зарур ресурсларни таъминлаган ҳолда жабрланган ҳудудларга кўпроқ ҳарбий қисмларни жойлаштирмоқда.

Мамлакат ички ишлар вазири Каролин Тоханинг сўзларига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида 92 га яқин фаол ёнғин давом этмоқда, улар ҳозиргача 43 минг гектарга яқин майдонни қамраб олган. Ўт ўчирувчилар 40 та ёнғинни ўчиришган, 29 тасини ўчиришда давом этмоқда.

Валпараисодаги ўрмон ёнғинлари, шунингдек, 1100 га яқин уй ва юзлаб машиналарга зарар етказган, дейди расмийлар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.