Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги корхоналар чанг-газ тозалаш қурилмаларини ўрнатиш зарурати ҳақида огоҳлантирилди
Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ортиши муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги томонидан атроф-муҳитга таъсир этувчи корхоналар фаолиятининг экологик мониторинги ўтказилди.
Мониторинг давомида Чилонзор туманидаги I ва II тоифали атроф-муҳитга таъсир этувчи 70 та корхона, жумладан, бетон, ун маҳсулотлари, керамик плиткалар, тўқимачилик, газ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилди. Шунингдек, Сергели туманидаги I ва II тоифали атроф-муҳитга таъсир қилувчи 68 та корхонага чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманида жойлашган 22 та I ва II тоифадаги атроф-муҳитга таъсир этувчи ташкилотларга чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши юзасидан огоҳлантириш хатлари ҳам берилди.
Маълумот учун, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига асосан пойтахтдаги 42 та корхона томонидан 2024 йил 12 январь ҳолатига кўра чора-тадбирлар режаси тақдим этилган. Уларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та чора-тадбирлар белгиланган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АМТБ) бўйича 1 517 та лойиҳа (ўтган йили – 1 343 та), 221 та атроф-муҳитга таъсир аризалари лойиҳаси (ўтган йили – 206 та), ҳаво эмиссиясини назорат қилиш бўйича 371 та лойиҳа (375 та), чиқиндиларни ҳосил бўлишини ва йўқ қилинишини назорат қилиш бўйича 651 та лойиҳа (ўтган йили 527 та), очиқ сув ҳавзаларига ташланадиган оқава сувларни тартибга солиш бўйича 3 та лойиҳа (ўтган йилга нисбатан 9 та) амалга оширилади.
Кўриб чиқилган лойиҳа ҳужжатларидан 2392 таси ижобий хулоса олинган, 321 таси қайта кўриб чиқиш учун қайтарилган, 50 таси эса салбий хулосага эга. Ушбу камчиликлар бартараф этилгач, 189 та объект экологик экспертизадан ижобий хулоса олган.
2022 йилда 2460 та ҳужжат бўйича экологик хулосалар берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 303 тага ошган. Хусусан, Чилонзор, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги корхоналар экспертизадан ўтказилиб, экологик норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Шарҳлар