Чирчиқ шаҳар ИИБ биносида фуқаро вафот этди
Чирчиқдаги ички ишлар бўлими биносида фуқаро вафот этган. Бу ҳақда шаҳар Кенгаши депутати Жахонгир Тўлаганов маълум қилади. Олинган хабарларга кўра, бу ўз жонига суиқасд бўлиши мумкин, бироқ фуқаронинг бурни сингани ва қоши кесилгани аниқланган.
Депутат жиноят содир этган шахс ўз ўлими билан эмас, балки қонун олдида жавоб бериши кераклигини айтади.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси буни ўз жонига суиқасд деб ҳисобламоқда.
Бошқарманинг маълумотларига кўра, 2001 йилда туғилган A.Ў. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.
Тергов давомида, A.Ў. муқаддам ҳам ЖКнинг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Жорий йилнинг 1-декабрь куни соат тунги 02.30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган», – дейилади хабарда.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими, бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берганлиги, аниқланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматованинг хабар беришича, Омбудсман бурун жароҳати ва тана жароҳати борлиги ҳақидаги хабарлар туфайли вазиятни назоратга олган.
Шарҳлар