Citibank Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик Citigroup молиявий корпорацияси раиси Жон Дуганни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Давлат раҳбари Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналари облигацияларининг халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилишига кўмаклашган корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Citigroup`нинг Ўзбекистонда Citibank шўъба банки офисини очиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда банк-молия соҳасини ривожлантириш, фонд бозоридаги қимматли қоғозлар жозибадорлиги ва ликвидлигини ошириш учун самарали воситаларни жорий этиш, Ўзбекистон капитал бозорига хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда АҚШ корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатларини кўрсатган ҳолда «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинган.
Шунингдек, 20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессер ва Марказий Осиё ва Каспий минтақаси бўйича раҳбари Рза Нуриевни ҳам қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари АҚШнинг ушбу консалтинг компанияси Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг бошқарувини мақбуллаштириш лойиҳаларида фаол иштирок этаётганини қайд этди. Ўтган йили Тошкент шаҳрида “Boston Consulting Group”нинг офиси очилди.
Суҳбатда сунъий интеллект салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Билимлар иқтисодиётига ўтиш бўйича узоқ муддатли комплекс стратегияни, саноатни ривожлантириш дастурини ҳамда Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш “мастер режаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Инвесторлар билан Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантиришга узвий боғлаган ҳолда ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат корхоналари ва банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, банкларнинг рақамли инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш ва энергетикадаги лойиҳаларни экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Шарҳлар