Тошкентда болага нисбатан қўпол муомала туфайли гуруҳ тарбиячиси ишдан олинди
Ижтимоий тармоқларда боғчада тарбиячи кичик ёшдаги болага нисбатан қўпол муомала қилаётганлиги акс этган видео тарқалган ва Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни мутасадди ташкилотлар билан бирга ўрганишни бошлаган.
Аниқланишича, 27-март куни Юнусобод тумани мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси С.Х. нинг онаси Н.Х. гуруҳ тарбиячиси томонидан вояга етмаган фарзандига қўполлик қилганлиги тўғрисида Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатда Н.Х. тарбиячи С.И. кундузги машғулот вақтида фарзанди йиғлаганлиги учун болага қўпол муносабатда бўлиб, унга қўл кўтарганлиги, бунинг натижасида фарзандининг қўлида кўкаришлар борлигини билдирган.
Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолатни ўрганиши давомида тарбиячи ҳақиқатан ҳам болага нисбатан ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган муносабатда бўлганлиги аниқланган.
Мазкур мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан бундай номақбул ҳолатларга йўл қўймаслиги зарурати таъкидланиб, жорий йилнинг 29-март куни тарбиячи С.И. га нисбатан интизомий чора кўрилиб, тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган/
Шарҳлар