Президент “Coca Cola” компаниясининг бош директори билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни “Coca Cola” компанияси раиси ва бош директори Жеймс Куинсини қабул қилди. Учрашувда “Anadolu Group” компанияси раиси Тунжай Ўзилхон ҳам иштирок этди.

Хабарга кўра, «“Coca Cola” алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, фаолияти 200 дан ортиқ мамлакат бозорини қамраб олади, 200 дан зиёд бренд ва 950 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасига эга».

Компаниянинг Ўзбекистондаги эксклюзив ҳамкори – “Coca Cola İçecek” Туркиянинг “Anadolu Group” таркибига киради. Ҳозирги кунда мамлакатда компаниянинг Тошкент, Урганч ва Наманган вилоятидаги 3 та заводи фаолият юритмоқда.

Учрашувда озиқ-овқат соҳасидаги, шу жумладан «яшил» ечимларни, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилган. Бугун Самарқанд вилоятида янги корхона ишга туширилган. 2025 йилда Наманган вилоятида бешинчи завод фойдаланишга топширилади.

Учрашувда инновацион фаолият ва тадқиқотларни ривожлантириш, муҳандислар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланган. Инвестиция дастурини янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, материаллар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш юзасидан келишувларга эришилган.

Давлат раҳбари истиқболли лойиҳаларни тезлаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишни топширган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.