Ўз мавқейидан фойдаланиб пора олган шахслар қўлга тушди

Фото: кадр из видео

Сирдарёнинг Ховос тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ва фаолиятига ҳеч ким аралашмаслиги эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 1 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент вилоят филиалининг бўлим бошлиғи ва муҳандиси ўзаро тил бириктириб, Қибрай туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонани 3 фазали электр тармоғига улаш ва трансформатор ўрнатиб бериш, шунингдек, бошқа техник ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш эвазига 39 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилишади. Муҳандис сўралган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган.

«Қарши тумани ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор ходими хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзининг иш юритувида бўлган терговга қадар текширув материали юзасидан якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш эвазига ундан 1500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади ва уша пулдан  400 АҚШ долларини олган вақтида ушланди», – дейилган.

Тошкент шаҳри Сергели туманида ИИО ФМБ 2-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори 5 минг АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида қўлга тушган. У ушбу пул маблағи эвазига, ўзаро жанжал оқибатида хорижий фуқарога тан жароҳати етказгани бўйича маҳаллий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмасдан, ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакалашни ваъда қилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.