Credit Suisse банкига Ўзбекистондан янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди
UBS банки ўзи эгалик қилувчи Credit Suisse банки ходимларига пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш учун хавф даражаси юқори мамлакатлардан, шу жумладан, Ўзбекистондан янги мижозларни жалб қилишни тақиқлади, дея хабар беради Financial Times. Бу ҳақда «Газета.uz» Financial Times нашрига таянган ҳолда ёзади.
Нашр маълумотларига кўра, Швейцариянинг UBS банки жиддий муаммоларга учраган рақибини қўлга киритганидан кейин Credit Suisse банкирларига қаттиқ чекловлар қўйган. Шу жумладан, юқори хавф тоифасига кирувчи мамлакатлардан янги мижозлар жалб қилиш тақиқланган.
Пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш учун янги мижозларни жалб қилиш тақиқланган мамлакатлар рўйхатида Афғонистон, Албания, Беларусь, Буркина-Фасо, Конго, Сальвадор, Эритрея, Эфиопия, Гвинея, Гаити, Ироқ, Косово, Қирғизистон, Ливия, Молдова, Мьянма, Никарагуа, Фаластин, Россия, Шри-Ланка, Судан, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Венесуэла, Яман ва Зимбабве борлиги айтилган.
UBS ва Credit Suisse банкларининг ўзи бу қоидалар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.
Қайд этилишича, икки банк бирлаштирилган биринчи кундан бошлаб Credit Suisse ходимларига бир қатор фаолиятни тақиқловчи йигирмага яқин «қизил чизиқлар» рўйхати тузилган. Потенциал пул ювишнинг олдини олиш учун украиналик сиёсатчилар ва давлат корхоналари ҳам блокланиши айтилган.
Credit Suisse ходимлари, шунингдек, UBS раҳбарларидан яхталар, кемалар ва 60 миллион доллардан ортиқ кўчмас мулк каби активлар билан таъминланган кредитлар муддатларини узайтириш учун рухсат сўрашлари керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Мустақил медиа марказлар ва журналистлар халқаро тармоғи платформаси OCCRP Швейцариянинг Credit Suisse банкининг сиздирилган 18 мингдан ортиқ ҳисоб рақамларини ўрганиб, банк хизмат кўрсатган муаммоли мижозлар бўлганлигини аниқлаганди. Банк томонидан хизмат кўрсатилган мижозлар орасида юқори лавозимли сиёсатчилар ва уларнинг яқинлари бор. Улар орасида 4 нафар ўзбекистонлик ҳам мавжуд экани хабар қилинганди.
Шарҳлар