Самарқандда дала ҳовлисида каннабис етиштираётган шахс ушланди
Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда дала ҳовлисида каннабис ўсимлигини етиштираётган ва ўн беш килограммдан ортиқ марихуана гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
1 август куни туманнинг “Янги ариқ” маҳалласида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1976 йилда туғилган эркак дала ҳовлисида 670 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланган. Шунингдек, ҳодиса жойида сақлаб келинган 15 килограмм 300 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир ўтказилаётганда далаҳовлида бўлган уч нафар шахснинг ҳолатга алоқадорлиги бўйича текширувлар амалга оширилмоқда.
Мазкур воқеа юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) 2-қисми “б” банди ва 273-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар