Данғарада ўз хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходимига пичоқ билан ҳужум қилинди
Жорий йилнинг 26 август куни соат 20:45 ларда Данғара тумани ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ўз ваколати доирасида муқаддам ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан судланиб, соат 18:00дан соат 06:00га қадар яшаш жойини тарк этмаслик таъқиқи билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган туманнинг Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган, деб ёзмоқда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Бироқ, фуқаро Х.Э. хонадонида йўқлигини, жазони ўташ тартибини бузганлигини аниқланган.
«Шу вақтда, фуқаро Х.Э. маст ҳолда яшаш хонадонига ташқаридан келиб, бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган ва хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб чиқиб, кутулмаганда Н.М.ни кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳат етказган ҳамда воқеа жойдан қочиб яшринган», – дейилади хабарда.
Афсуски, профилактика инспектори Н.М.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шифоҳонада вафот этган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Х.Э. қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилди.
Марҳумнинг оила-аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирилган.
Шарҳлар